Отаси бермади. Отасиз ўсганимни онамнинг юзига
солгани учун ҳам энди ортга йўл йўқ. Бу балки менга ҳеч нарсадир, бироқ Лоладан
бошқасини демаётган кўнглим ҳақида ўйлайвериб юрак-бағри шилиниб тушаётган онам
эриш кўринади кўзимга.
Ҳа, уни севаман. Бироқ эриша олмаслигимга
кўникиб кетишга кучим етишидан умидворман. Бугун эса ичимда бир нималар узилди.
Шунчаки йўқ деганида балки алам қилмасди, аммо отам ҳақида гапириб хато қилди.
Кейинчалик рози бўлганида ҳам унинг шу сўзларини ҳазм қилишим қийин бўлса
керак.
Хонага кириб қулоқларимни наушникига тутиб
бердим. Яқин соатлар ичида эшитганимда ўзим учун нотаниш ҳисларни туядиганим трек
айланади. Чунки мен ҳеч қачон отамни кўрмаганман. Унга эркалик қилиш, унга
суяниш, ҳатто сўкиш эшитишдек бахт насиб қилмаган.
Ота-онам севишиб турмуш қурган. Ўша вақтларда
онамдан-да бахтли аёлни топиш қийин эди. У борлиғини жуфтига бағишлаган, унинг
учун ҳаммага нарсага тайёр бўлган, дунёнинг одам қадами етмаган жойларига кетишга
ҳам. Бироқ ўша жойга отамнинг ўзи кетди... У ёлғиз кетди. Онамни, унинг
қорнидаги 7 ойлик мени ташлаб кетди.
Онам қайтиб турмуш қурмаган. Менга маслаҳатларга
учиб Ёдгор деб исм бермади, менга отамнинг исмини қўйиб, кичик Асадга ҳаётининг
қолган қисмини бағишлади. Мен отамни унинг ҳикоялари ва унинг хотиралари билан
танийман. Унинг айтганлари бўйича отамни тасаввур қиламан ва унга ўхшаш учун
интиламан. Эшитаётганим трекни эса доим унинг тилидан тинглайман. Эшитасизми?
Соғинмоқ бор, кўришмоқ энди душвор,
Орамизда поёнсиз дарёлар бор.
Бир кўришга биз энди зор, муштоқмиз,
Биз иккига бўлинган битта тормиз.
Эски тўйларни кўрганмисиз? Содда, оддий, ундаги
простой одамлар, скромный қадамлар. Менга ўша тўйлар ёқади. Чунки ҳар сафар уни
кўрганимда мен онамнинг юзида кўзим билан кўрмаганим қувончни уқиб оламан. У
ўртанишини билдирмасликка ҳаракат қилган. Лекин қувончнинг қувончдан, дарднинг
аламдан фарқи бор-ку...
Дунёлари бевафо ҳилқат экан.
Бахт дегани бир оний фурсат экан.
Тақдир азал олдида ожиз отанг,
Айро яшаш бизга бир қисмат экан.
Ана, отамнинг ҳам кўзида қувонч. Ошналари қуршовида
онамнинг қўлидан тутиб келяпти. Ҳамманинг юзида табассум, ҳамма хурсанд. Ҳаётим
сабабчилари эса чексиз бахтли. Ёнларида фақатгина мен йўқман.
Бироқ унга шундай ўхшадимки, ҳозир вақт ортга
қайтиб, отамнинг либосида онамни мен тутиб турсам ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Балки
бугун улғайган, сочларига оқ оралаган, юзларига оз бўлса-да ажин тушган
бўлармиди. Аммо у кўзимизга бутун умр 27 ёш бўлиб кўринишни истади. Шу ёшида
кетди биздан.
Кўзим оқ-у қораси сенсан билсанг,
Юрагимнинг ноласи сенсан билсанг.
Буни ҳаёт дейдилар, қил кўприк бу,
Тушунарсан бир куни йигит бўлсанг.
Майли, мен не бўлсам ҳам омон бўл сен!
Онанг орзу қилгандек ўғлон бўл сен!
Отангни қайғурмай яшасанг ҳам,
Юрти учун қайғурган инсон бўл сен!
Тасвирнинг пастки қисмида сана бор — 07.10.1988.
Онам учун энг қувончли ва албатта энг фарёдли сана. Тўйларига бир йил тўлган
кунда биринчи бор учрашганлари Ўрда сувининг бўйига боришни, ўша биринчи
кундаги каби картошка сомса ейишни ният қилишди. Оғироёқ онамни олиб кетиш учун
уйга келаётганида эса у автоҳалокатга учради...
Ўксинмагин, жон ўғлим, полвон ўғлим,
Сени ташлаб кетганим ёлғон ўғлим.
Сенсиз менинг бағрим ҳам бутун эмас,
Сенсиз менинг кўнглим ҳам вайрон ўғлим.
Ўксинмагин, жон ўғлим, арслон ўғлим,
Сени ташлаб кетганим ёлғон ўғлим.
Топмоқ жойда йўқотмоқ ҳам бор экан,
Ўз ҳолимга ўзим ҳам хайрон ўғлим.
У забардаст инсон бўлган деб ҳикоя қилади онам.
У бунда кўринишни эмас, ўз даврининг олди одами бўлган севгисини назарда
тутади. Отам тирик бўлганида Лоланинг отасини у билан қуда бўлишга балки ўзим
арзитмасдим. Боиси унинг ўрнида отам одам ажратмасди деб ишонаман.
Мен Лоланинг оиласини пасткашликда айбламайман.
Улар ўз фарзандига ота-она билан тўкин ҳаёт кечирган кимнидир раво кўрган
бўлса, бу уларнинг танлови. Мен эса биринчи севгимни бугун ичимга кўмиб қўяман.
Сендан ҳам шуни илтимос қиламан, Лола...
Комментариев нет:
Отправить комментарий