пятница, 28 августа 2015 г.

Ҳиссиз табассум

Армондан кулишни биласизми?

Қўлимдаги портфелни темир тўсиққан суянтириб қўйиб, галстукни бўшатдим. Бўйинбоғ нафақат ўзимни, балки юрагимни ҳам бўғиб қўйганди. Кўзимни қаттиқ юмган кундан роппа-роса уч ой ўтди. Соатга қарадим, 20 та кам 7. Ғира-шира киришига яна 30-40 дақиқа вақт бор. Бу пайтда ҳар қандай сув ўз қудратини унутиб, унга тикилаётган кўзлар учун меҳрибон бўлиб олади. Бу пайтда Қуёш нурларини кучсизлантириб, куни бўйи заминни қиздирганидан ийманиб юзларини қизартириб олади.

Ҳа, кўзимни барчасига юмганман. Энди эйфория ҳам, ситам ҳам, дард ёки алам ҳам мавжуд эмас. Энди фақатгина ширин армон бор. Ажойиб ўтмиш, мазмунсиз бугун ва туманли келажак бор. Инсонни мана шундай фикрлар улғайтиради, тарбиялайди, сабрга ўргатади. Аввалига дилни пора-пора қилади-ю, кейин унга вақт ёрдамида малҳам қўйиб боради. Табиатнинг қонуни шундай: ҳамма нарсага кўниктиради. Бардошинг етмай қолган кунларда асалдан ҳам ширин кўринган алькоголга меҳр берарсан, балки сендан бўса олаётган лабнинг танангдан пастга қараб тушиб бораётганини сеза туриб, бундайларнинг сон-саноқсиз сунъий меҳридан зада бўларсан, жуда ношуд бўлсанг ўзинг қараб турган сувнинг унсиз чорловига учиб, унга ўзингни ғарқ қиларсан. Лекин бундан нима фойда? Йигит бошинг шугина дардга бардош бера олмаса, сени чиндан ҳам сева олишларига қандай ишонасан?

Шомга яқин тўлқинларини қирғоққа янада кўпроқ буриб оладиган бу чексизлик ўзи билан майин шабодани олиб келади. Қачонлардир унинг бўйида лабларидан бўса олардим. Ҳозир эса елнинг юмшоқ тафти лабимни эркалаб ўтяпти. Мобилникка келаётган смс, ундаги ҳавотир-у, қайсидир дилбарнинг жавобсиз севгидан дардлашиб кетган сўзлари эмас, мени хаёлан олиб кетаётган қизнинг хотираси азизроқ. Чунки уни соғиняпман. Фақат ўзи билиб қолишини истамасдим. Кўзларим тубига шўнғиб кетган меҳрни кўриб қолмасин деб, мен қатори унга ошиқ бўлган кўл сувлари аҳволимни унга сотмасин деб қорачиғимни деярли кўрсатмаяпман.

Ичимнинг ўзим ҳам яхши билмайдиган бурчакларига қадар кириб бораётган қўшиқнинг ҳар бир сатри уни ёдга солади. Қайта-қайта ўша трекни такрорлаётган қулоқчин бўйнимдан қучоқлаб олганида унга соғинганини шивирлаб айтадиган қулоқларимга эмас, юрагимнинг марказига улаб қўйилган. Илгари жуфти билан рақс тушадиган қушлар ҳам худди бир ўзлари қолиб, сув устида мақсадсиз парвоз этаётгандек.

Қуёшнинг сўнгги нафасларида ва ниҳоят у кўринади, ҳар сафар турли кўринишда. Аввалига ғалати соч турмаги ва шўх кулиб турган кўзлари билан, кейин эса армон билан тўлиб қолган кўзлар ва уни тўсишга уринаётган сочлар билан. Келяпти мана, ним табассум, ер остидан кулиб қараши ва яқин қолгандаги ширин арази билан. Бўса олаётганида бағримга янада сингиб кетишга уриниб, оёқларидан бирини қўлим ихтиёрига топширади. Уникидан бошқа иффорни ҳеч қачон ҳазм қила олмаслигимни тушуниб турган вақтимдаги бахт ёдимда: бўйнидан оҳиста ўпаётганимда ўзини тўлиқ ихтиёримга топшириб, кўзларини юмиб туриши. Тезликдан қўрқадиган қалби билан рулдаги ўлжасини эркинликдан мосуво қилиб, юзларидан, кўзларидан, қулоқларидан ўпадиган, сочларимни меҳр билан силаб, кейин эса елкамга бошини қўйиб, бармоқларини бармоқлари билан чалтиштириб, йўлга жимгина тикилиб кетадиган, шу онда хаёллари билан дунёнинг энг оғир ташвишини ўз елкасида тутиб турадиган қалби билан. Ана, куляпти, оппоқ тўшакда ўзига тегишли бўлмаган, лекин унда тунашни яхши кўрадиган кўйлакда, силлиқ оёқлари остидаги ёстиқни эзғилаб. Кейин эса бирдан тиниб қоляпти. Кўзлари жиққа ёш. Алам қиляпти унга. Тушунтиряпти. Ҳаммаси тугаб боряпти. Узиляпти ичидан бир нималар. Кўзлари нурсизлашяпти, меҳр тўшакдан пастга, билмадим дўззаҳнинг нечанчи қаватига ғойиб бўляпти...

Энди ҳеч нарса ҳис қилишни истамаяпти менинг ичим ҳам. Ўзига келяпти. Ёруғлик тунга мағлуб бўлаётган паллада доим шундай, қинидан чиқишга интилади. Ўзини бахтиёр қилган йилларга қайтгиси келади. Ҳозир нимаси бор? Уни ҳар куни эзиб турадиган соғинч, соғинч эргаштириб келадиган хотиралар ва у билан боғлиқ келажакка ишончсизлик. Эшитяпсанми, у энди сени ёмон кўради. Лекин ҳар соатда соғинади.

Трекни ўчирдим. Севара уни севишини сўраб чарчади. Қирғоқдаги сувнинг, қушларнинг товушини аниқ эшита бошладим. Ўзлигимга қайтиш вақти келди. Биласанми нима?

Мен армонимга кулиб қарашни биламан...   

Комментариев нет:

Отправить комментарий